Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Хоразмнинг «Ҳазорасп—Бўстон» йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилмагани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда, деб ёзмоқда «Xabar.uz».

Фото: «Tube.uz»

Фото: «Tube.uz»

Бўстон қишлоғи Ҳазораспнинг Амударё соҳилига туташ, марказдан олисроқда жойлашган ҳудуд саналади. Бу ерда 10 000 га яқин аҳоли истиқомат қилади.

— Кўпчилик болалар туман марказидаги мактаб-интернатлари ёки касб-ҳунар коллежларига таксида қатнаб ўқишади. Такси йўл кира ҳақи эса қиммат. Агар қишлоғимизда автобус қатнови йўлга қўйилса, ёшларимиз учун катта бир имконият яратилган бўлар эди, — дейди «Қовунчи» маҳалласида яшовчи фуқаро Г.Қадамбоева.

Бир пайтлар ушбу ҳудудга «Ҳазорасп—Отов» йўналишида автобус ва маршруткалар қатнаган экан. Отов — Бўстон қишлоғига қўшни бўлган Боғот туманига қарашли ҳудуд. Бундан келиб чиқадики, Боғот туманининг «Қипчоқ», «Бўка» ва «Тўпчи» маҳаллаларидан ҳам ўғил-қизлар Ҳазорасп тумани марказига қатнаб ўқийди. Шунингдек, бу ҳудудда марказга ишга қатновчилар ҳам талайгина.

— Одам дегани иссиқ жон. Кимдир касал бўлиб шифохонага қатнайди. Кимдир ётиб даволанаётган яқинларини кўргани боради. Автобус йўқлигидан оддий халқ жуда қийналади, — дейди яна Г.Қадамбоева.

— Автобус қатновини йўлга қўйишни талаб қилиб, бир неча йилдан буён тегишли мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиб келамиз, — дейди боғотлик фуқаро Н.Рўзимов.

— Олдинига фақат Ҳазорасп тумани марказида бозор бўлиши инобатга олиниб, сешанба, пайшанба, шанба ва якшанба кунлари автобус қатнови йўлга қўйилди. Шунисига ҳам рози эдик, аммо бу қатнов ҳам тўхтатиб қўйилганига 5—6 йил бўлди.

Қайд этилишича, Ҳазорасп тумани «Қовунчи» маҳалласида яшовчилар сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар билан бўлиб ўтаётган учрашув ва қабулларда бу масалани кўп бора ўртага ташлаган. Бироқ бу талаб ва таклифларга жиддий эътибор қаратмагани сабабли муаммо очиқлигича турибди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар