26 сентябрь, пайшанба куни Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенсияси Ўзбекистон учун кучга кирди. Ҳужжат 2001 йил 22 майда Стокгольм шаҳрида қабул қилинган, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Бугунги кунда 183 та мамлакат ушбу конвенсиянинг иштирокчиси ҳисобланади.
Ушбу халқаро шартноманинг мақсади аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни Турғун органик ифлослантирувчи моддалар (ТОИМ) таъсиридан ҳимоя қилишдир.
Конвенсия қоидаларига мувофиқ томонлар ТОИМ ишлаб чиқариш, импорт қилиш, экспорт қилиш, кўмиш ва улардан фойдаланишни назорат қилишни, шунингдек, мавжуд ТОИМни алмаштириш учун қўллаш мумкин бўлган энг яхши технологиялар ва усуллардан фойдаланишга кўмаклашиш мажбуриятини зиммасига олади.
Ўзбекистоннинг конвенсиядаги иштироки ТОИМ билан боғлиқ экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли, атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эҳтимолий салбий оқибатларининг олдини олиш имконини беради.
Изоҳ (0)