Ашхобод шаҳридаги «Баракали» бозори харидорлар учун ёпиб қўйилиб, телерепортаж тайёрлаш мақсадида маҳсулотлар билан тўлдирилди, деб хабар беради «Хроники Туркменистана».

Фото: «Хроники Туркменистана»

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, бозор расталари турли-туман мева ва полиз экинлари, қандолатчилик маҳсулотлари, охирги вақтларда анча тақчил бўлган товуқ тухумлари билан тўлдирилган. Расталар орасида операторлар камераси билан ҳаракатланган. Бозорга киришда эса операторларнинг ёрдамчилари навбатчилик қилган. Улар бугун бозор ишламаслигини айтиб, харидорларни бозор ичига қўймаган.

Мустақил журналистларнинг тахминича, «озиқ-овқат мўллиги» ҳақидаги репортаж Туркманистон мустақиллиги куни — 27 сентябрда телевидение орқали намойиш этилиши мумкин.

«Умуман олганда деярли ҳар куни давлат ОАВларида мамлакатда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳақида материаллар намойиш этилмоқда», — дейилади хабарда.

Мустақил ОАВнинг маълумотларига кўра, Туркманистон давлат дўконларида сўнгги бир неча йилдан буён тақчиллик ва узундан узоқ навбатлар кузатилмоқда. Хусусий дўконларда танлов бор, бироқ нарх анча қиммат. Нархларнинг юқорилиги долларнинг расмий ва «қора бозор»даги курси орасидаги фарқ билан изоҳланмоқда.