Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати диний идора раиси, муфтий Усмонхон Алимов ишдан олинганини расман рад этди. Бу ҳақдаги тегишли хабар диний идоранинг расмий веб-порталида қолдирилган.

10 сентябрь куни айрим интернет-нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов лавозимидан озод этилди, деган мазмундаги асоссиз ва сохта хабарлар тарқатилди.

Таъкидлаш лозимки, Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишламоқдалар — фаолиятларини давом эттирмоқдалар.

Усмонхон Алимов.
Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Муфтий ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аввалроқ, 10 сентябрь куни муфтийнинг ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалган, буни «Дарё»нинг диний идорадаги манбалари ҳам тасдиқлаган эди. Бироқ кейинроқ бошқа манбаларда муфтийнинг ишдан олиниб, унинг ўрнига Тошкент вилояти бош имом-хатиби диний идора раиси этиб тайинлангани ҳақидаги раддиялар пайдо бўлган эди.

Маълумот учун, Усмонхон Алимов 1950 йили Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. Бухородаги «Мир Араб» мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий ма’ҳадида таҳсил олган.

У узоқ йиллар давомида Самарқанд вилоятидаги «Имом Бухорий» жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. 2000—2006 йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, 2006 йил августдан диний идора раиси, муфтий сифатида ишлаб келган.