9 август куни соат 04:55 дақиқа ўтганда Тошкент вилояти ФВБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мурожаатда Бекобод шаҳри Ўзбекистон кўчасида жойлашган «Бекобод деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудидаги савдо дўконларида ёнғин бўлаётганлиги айтилган.
Кўрсатилган манзилга соат 04:56 дақиқа ўтганда Тошкент вилояти гарнизонидан жами 4 та ёнғин ўчириш автоэкипажи йўналтирилган.
Биринчи ёнғин ўчириш бўлинмалари воқеа жойига соат 05:00 дақиқа ўтганда етиб борган вақтида савдо дўконлари очиқ аланга билан ёнаётганлиги аниқланган. Ёнғин ўчириш бўлинмалари томонидан кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 05:07 дақиқа ўтганда қуршаб олиниб, соат 05:25 дақиқа ўтганда тўлиқ бартараф этилган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ёнғин оқибатида «Бекобод деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудидаги озиқ-овқат павильонидаги 22 та савдо дўконидан 6 тасининг шифти, том қисми ҳамда ички жиҳозлари жами 60 квадрат метр майдонда ёниб зарарланган. Ёнғиндан 768 квадрат метр майдонда 16 та савдо дўкони сақлаб қолинган. Ёнғиннинг сабаби дўконларнинг электр тизимида юзага келган авария ҳолатидан, деб тахмин қилинмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Изоҳ (0)