«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон қўлёзмаларида» лойиҳасининг ижодий гуруҳи «Буюк Кушон империяси: бу ҳақида ҳали айтилмаган» янги ҳужжатли фильми сёмкалари учун Ҳиндистонга йўл олди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Фильм Кушон империясининг тарихи ҳақида сўзлайди. Унда Кушон хонлигининг энг гуллаб-яшнаган, ноёб гандхар маданияти шаклланган даврига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, Ўрта Осиё ва Ҳиндистон ҳудудларида яшаган халқларнинг маданий ва иқтисодий алоқалари диққат марказида бўлади. Ҳиндистондаги сёмкалар локацияси Ҳиндистон Миллий музейи, Матхура музейи, Агра музейи ва бошқа маданий-тарихий объектларни ўз ичига олади.
Ҳиндистоннинг кушоншунос олимлари илк марта ўзбек томошабинлари учун Кушон цивилизацияси сир-асрорларини очишади. Ўзбекистонда мазкур фильм «Севимли» ва «Менинг юртим» телеканаллари орқали эфирга узатилади. Таъкидлаш жоизки, бундан аввал 22—27 август кунлари «Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: сулола, дин, маданият» мерос ҳафталиги Тошкент, Термиз, Бухоро ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилган.
Тадбирда дунёнинг 300 га яқин олими иштирок этиш истагини билдирган, 50 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситалари ушбу тадбирни ёритиши кутилмоқда.
Ҳафталик доирасида «Кушон хазиналари» ноёб кўргазмаси ўтказилиши ҳақида хабар қилинган. Ушбу экспозиция Тошкентдаги Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида намойиш этилади. Халқаро олимларнинг сўровига кўра, милоддан аввалги I асри бошида Ўрта Осиё ҳудудида қад ростлаган, нисбатан кам ўрганилган ва қачонлардир буюк қудратга эга бўлган Кушон империясининг ноёб артефактларини мустақиллик йиллари давомида илк бора кўргазмага қўйиш режалаштирилмоқда.
Кўргазманинг эксклюзив, ўзига хос жиҳати Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепа қазишмаларида топилган афсонавий «Далварзин хазинаси» намойиши бўлади.
Изоҳ (0)