11 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Электрон компьютер спорти федерацияси ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги веб-сайтида маълум қилинади.
Электрон компьютер спорти федерацияси 2016 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Шу вақт мобайнида ўзбекистонлик киберспортчилар қисқа давр ичида МДҲ давлатлари, Франция, Индонезия, Гонконг ва Хитойда ўтказилган халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этиб, профессионал даражаги чиқишга эришди.
АКТ Вазирлиги ва Электрон компьютер спорти федерациясининг ҳамкорликдаги режаларида киберспорт ва умуман IT-саноатини тараққий эттириш, ўйинлар ишланмалари борасида ҳамкорлик қилиш, маҳаллий ва халқаро миқёсда тадбир ва мусобақалар ўтказиш, юқори технологияларни оммалаштириш, хорижий инвесторларни жалб этиш, ташқи бозорларга чиқиш сингари жиҳатлар назарда тутилган.
Изоҳ (0)