Бразилия терма жамоаси Копа Америка—2019 мусобақасининг финалида Перуни мағлубиятга учратди (3:1).
ФИФАнинг Twitter’даги расмий саҳифасида хабар берилишича, бразилиялик Алиссон мусобақанинг энг яхши дарвозабони дея эътироф этилди.
«Ливерпуль»нинг 26 ёшли посбони мусобақада 6 та учрашувда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан атиги битта гол ўтказди. Финал баҳсида Перу ҳужумчиси Паоло Герреро пенальтидан Алиссон дарвозасини ишғол қилди, холос.
Алиссоннинг қуруқ ўйинлар серияси 889 дақиқани ташкил этди. У терма жамоа ҳамда клуб сафида 4 май кунидан буён 9 та ўйинда дарвозаси дахлсизлигин сақлаб қолди. Ўшанда Алиссон Англия Премьер лигаси доирасида «Ньюкасл» билан кечган баҳсда ўз дарвозасидан 2 та тўп олиб чиққанди. Ҳисоб эса 3:2 кўринишида «Ливерпуль» фойдасига ҳал бўлганди.
Дани Алвес эса мусобақанинг энг яхши ўйинчиси бўлди. 36 ёшли бразилиялик мусобақада 6 та ўйин ўтказиб, 1 та гол уришга муваффақ бўлди.
«Гремио» ҳужумчиси Эвертон Соарес мусобақанинг энг яхши тўпурарига айланди. Унинг ҳисобида 6 та ўйинда 3 та гол ҳамда 1 та ассист мавжуд.
Маълумот учун, бразилияликлар 2007 йилдан буён илк бор, тарихда эса 9-маротаба мазкур мусобақада ғолиб бўлди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)