30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округи, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида Ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаган ёшлар учун Нишон туманидаги ҳарбий қисмлардан бирига 3 кунлик ҳарбий-спорт соғломлаштириш кунлари ташкил этилди, бу ҳақда Мудофаа вазирлиги «Дарё»га маълум қилди.
Тадбир иштирокчилари 3 кун давомида аскарларнинг ҳарбий ҳаёти билан яқиндан танишди, жанговар ва тактик машғулотларини бевосита кузатиб, ҳарбий қурол-аслаҳаларнинг келиб чиқиш тарихи, уларнинг турлари ва фойдаланиш усуллари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди. Ақлий ҳамда жисмоний салоҳият талаб этадиган ҳарбийлик касбининг нақадар шарафли эканлигини ҳис этди.
«Ватанимиз сарҳадларини қўриқлашда жонбозлик кўрсатиб, юксак натижаларга эришган ҳарбий хизматчилар билан учрашув ҳамда психолог маслаҳатлар менда катта таассурот қолдирди. Бу ерда хатоларим устида ишлашни ўргандим. Айниқса, ота-онамнинг ўрни жуда билинди», — дейди майда ўғрилик билан вақтинча ҳисобга тушиб қолган А.Д.
Ушбу «Ҳарбий-соғломлаштириш кунлари» ижобий натижаларни бераверса, ҳар йили ташкил этиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)