Ёқутистоннинг Нерюнгринский туманида 61 ёшли нафақахўр қўшни дала-ҳовлида яшаган оиланинг уч нафар аъзосини отиб ўлдириб, кейинроқ ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, ҳодиса Чулман қишлоғидан ташқарида жойлашган «Уголшчик» боғдорчилик уюшмаси ҳудудида қўшнилар ўртасида жанжал келиб чиққанидан сўнг юз берган.
Кекса эркак 38 ёшли қўшнисини, унинг яқинда туғиши керак бўлган 39 ёшли ҳомиладор аёлини ва уларнинг 14 ёшли қизини отиб ўлдирган. Бундан ташқари, касалхонага ҳалок бўлганларнинг 64 ёшли қариндоши ҳам ўқдан яраланган ҳолда келтирилган.
Жиноят содир этиши билан нафақахўр воқеа жойидан яширинган. Эртаси куни ҳуқуқ-тартибот органлари эркакни топишган. У Уголний посёлкасидаги дала-ҳовлилардан бирида қамалиб олган бўлган.
«Эркак полиция ходимларига қарата бир неча марта ўқ узган, шундан сўнг ўз жонига қасд қилган», — дейилади хабарда. Содир бўлган воқея юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Изоҳ (0)