Тошкентда Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди (Sparkassenstiftung) ва Ёшлар иттифоқи, «Агробанк», «Халқ банки» ҳамда «Микрокредитбанк» ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.
Ўзбекистон аграр секторини ривожлантириш ва ёш фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган тадбирда модернизация жараёнларини молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.
— Мамлакатда ёш фермерлар учун имтиёзли кредитлар, солиқ имтиёзлари ва ерлар ажратилмоқда. Аммо ёшларнинг молиявий билим ва кўникмаларини шакллантирмасак, ажратилган кредитларни мақсадли йўналтиришга ўргатмасак, уларнинг фаолиятида инқироз келиб чиқиши мумкин. Келишув биринчи галда шунга йўналтирилган, — дейди Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев.
Ёшлар иттифоқи делегацияси Германияга хизмат сафари давомида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги билан бир қатор лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борган эди. Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди билан келишув ана шу музокаралар натижаси ҳисобланади.
Изоҳ (0)