Туркиянинг Vertebra дизайн-студияси Bukhara City концептини намойиш этиб, лойиҳа тафсилотлари ҳақида маълумот берди, деб хабар қилади Spot.
Маълум қилинишича, комплекс Бухоро марказидан 3 километр нарида, ҳозирда қисман ишлаётган саноат зонасида жойлашади. Умумий майдони — 535 минг квадрат метр. Тахминий инвестиция ҳажми — 0,5 миллиард доллар.
Vertebra комплекснинг нафақат концептини яратади, балки шаҳарни ва барча биноларнинг ташқи кўринишини лойиҳалаштириш билан шуғулланади, шунингдек, инвесторлар ва пудратчиларни танлашни ўз ичига олган лойиҳа менежменти бўйича маслаҳатчи сифатида иштирок этади.
Бу ерда кўчмас мулк, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, илмий марказ, музей, кутубхона, конференция маркази, жамоат жойлари, яшил ҳудудлар ва Исломшунослик маркази бўлади.
Лойиҳа таърифида айтилишича, сўнгги йилларда мамлакатдаги иқтисодий инқироз туфайли қийинчиликларга дуч келаётган ва халқаро бозорларга кириб буни бартараф этишга интилаётган Туркия қурилиш соҳасида катта аҳамиятга эга.
Лойиҳа икки босқичга бўлинган — биринчиси 375 минг квадрат метр жойда қурилишни ўз ичига олса, иккинчи босқич эса — 75 минг квадрат метр ҳудуд тайёрланади. Уйлар турли баландликларда, ички ҳовлига ва атрофи яшил зоналарга эга бўлади.
Бинолар орасидан кичикроқ канал ўтказилиб, жамоат жойларида Лабиҳовуз майдонидаги Нодирбеги ҳовузига ўхшаш сув ҳавзасини ҳосил қилади. Бунинг учун мавжуд каналлар тизими таъмирланиб, модернизация қилинади.
Шаҳар марказига ҳам ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда, транспорт ҳаракати чекланади — унинг ўрнига тўлиқ пиёдалар зонасини ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳада туристик трамвайлар тармоғини яратиш ҳақида ҳам гап боради.
Изоҳ (0)