Фабио Каннаваро Хитой терма жамоаси бош мураббийлигидан истеъфога чиққанлигини маълум қилди.
45 ёшли италиялик бу лавозимда бир ярим ой давомида фаолият олиб борди. Хитой терма жамоаси унинг қўл остида China Cup—2019 мусобақасининг ярим финалида Таиландга (0:1), учинчи ўрин учун курашда эса Ўзбекистон терма жамоасига (0:1) мағлуб бўлганди.
Каннаваро «Гуанчжоу Эвергранд» клубидаги фаолиятини эса давом эттирадиган бўлди.
«Бир неча йилдан буён яшаётган шу мамлакатга ҳурмат сақлаган ҳолда Хитой терма жамоаси бош мураббийлигидан кетишимни маълум қиламан. Каминани мамлакатнинг энг муҳим 2 та жамоасига мураббий сифатида тайинлашгани учун «Гуанчжоу Эвергранд» ҳамда Хитой футбол федерациясига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Лекин 2 та жойда ишлашим оиламга сарфлашим керак бўлган вақтимни олиб қўймоқда. Жаҳон Чемпионати—2022 мусобақасига саралаш босқичида Хитой терма жамоасига омад тилайман», — деб ёзади Каннаваро ўзининг Instagram’даги расмий саҳифасида.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)