Ўтаётган ҳафта юртимиздаги йўл ҳаракатига оид ўзгаришлар ҳамда қурилиш ва бузилиш ишлари билан тарихга муҳрланди. Ҳафталик дайжестимизни бошладик.
Ўзбекистон ёшлари делегацияси БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш бўйича муҳокамасида иштирок этди. Таълим вазирининг собиқ ўринбосари, ҳозирги кунда Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев БМТ минбарида сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсатидаги позицияси ҳақида гапирди.
* * *
Андижондаги нефть конлари Россия компаниясига бериладиган бўлди. Икки мамлакат компаниялари имзолаган битимга мувофиқ Хартум, Шарқий Хартум, Жанубий Оламушук ва бошқа конларда нефть қазиб олиш кўпайтирилади. «Андижоннефть» 25 та нефть ва газ конини ўз ичига олади. Бироқ «Ўзбекнефтгаз» ҳам ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, жорий йилда бир нечта янги кон очишни режалаштирганини маълум қилди.
* * *
Сурхондарёда ўтказилган халқаро бахшичилик фестивали якунига етди. Фестиваль ғолибини 7 минг доллар миқдоридаги мукофот кутади. Фестивалда беш яшар Ғолибжон бахши махсус номинация бўйича совриндор бўлди. Президент эътиборида ўтказилган фестивалда кўплаб хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этди. Фестивалдан «Дарё» мухбирининг фотосуратларини кўришингиз мумкин.
* * *
Вазирлар Маҳкамасининг 9 апрелдаги қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига ўзгаришлар киритилди. Жумладан, айланма ҳаракатли чорраҳаларда ҳаракатланаётган автомобилларга устунлик берилди, транспорт воситалари кундуз куни ҳаракатланаётганда чироқларни ёқиб юриш мажбурийлиги белгиланди. Ўзгаришлар ҳужжат расман эълон қилинган 10 апрелдан кучга кирди. Аммо аҳоли бир ой ичида янги ўзгаришдан тўлиқ бохабар қилингандан сўнг жарималарни қўллаш бошланади. Бундан ташқари, Тошкент кўчаларида йўл ҳаракатини патруль вертолётлари кузатиб боради. Шунингдек, мамлакатимизда янги йўл белгилари жорий қилинди.
* * *
Тадбиркор Фаттоҳ Шодиевнинг жамғармаси Сирдарё вилояти учун 40 миллиард сўм ажратди. Маблағнинг қарийб 30 миллиард сўми вилоятнинг махсус ҳисоб рақамига келиб тушди. Бу маблағ «Обод қишлоқ» дастури доирасида чекка қишлоқларини ободонлаштириш, аҳолини турмуш тарзини яхшилаш ва Ховосда Xovos City қурилишига сарфланади.
* * *
Андижонда Ҳиндистоннинг Шарда университети очилди. Унда электр муҳандислиги, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик, компьютер тизимларига хизмат кўрсатиш, электроника, коммуникация муҳандислиги, бизнес-менежмент соҳалари бўйича халқаро даражадаги мутахассислар тайёрланади.
* * *
Тошкент шаҳри Сергели туманида қурилган арзон уй-жойларнинг кредит тўловлари оширилгани аҳолининг очиқ-ошкора норозилигига сабаб бўлди. Фуқаролар нархни ошираётган масъулларга кўчада йиғилиш ўтказиб эътироз билдирди ва жавоб талаб қилди. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев можарода халқнинг ёнини олиб, ваъдабоз корхоналарни танқид қилди ва уларни лафзда туришга чақирди. Шунингдек, Олий Мажлис Омбудсмани Сергелидаги уйлар муаммосини назоратига олди. Мамлакат бош вазири Абдулла Арипов уйлар нархи қайта кўриб чиқилишига ваъда берди.
* * *
Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари бўлди. У Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги имижини тарғиб қилиш учун масъул PR-марказ фаолиятини мувофиқлаштиради. Саида Мирзиёева Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларида ўз расмий саҳифаларини очди.
* * *
Апрель бошида The Guardian газетасида Тошкентдаги тўсатдан бузилишлар одамларнинг қаҳрини келтираётгани ҳақида материал эълон қилинган эди. Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мақоладан ранжиб жавоб қайтарди. Жавобда «...Тошкентда ҳеч бир кўчмас мулк ўз-ўзидан бузилаётгани йўқ. Турар-жойлар оғир аҳволга келиб қолган, эскириб қолгандагина бундай ишлар амалга оширилмоқда...», дейилган ва The Guardian журналистларини Тошкентга таклиф қилинган.
* * *
Ҳафта охирида интернетда ғаройиб жарима хатининг фотосурати тарқалди. Унда бухоролик ҳайдовчидан 1 миллиард 13 миллион 652 минг 19 сўм жарима ундирилиши сон ва сўзлар билан ёзилганди. Бланка суратини кўпчилик фотомонтаж деб топди, аммо аслида воқеа бошқача бўлиб чиқди. Маълум бўлишича, техник хато туфайли жарима суммаси сана билан қоришиб, автоматик тарзда яхлит миқдорга айланиб қолган. Шу тариқа қоидабузар ҳайдовчи 101 365 сўм жарима тўлайдиган бўлди. Йўл ҳаракатини тартибга солишда инсон омилидан воз кечиш шундай ғаройиб вазиятларни келтириб чиқарса-да, ўз самарасини кечиктирмаяпти.
«Дарё»ни кузатишда давом этинг. Энг муҳим ва долзарб хабарлар шарҳини бизда ўқинг.
Изоҳ (0)