Шарқий ҳарбий округ ҳудудида жойлашган барча қўшинлар ҳамкорлигидаги қўмондонлик-штаб машғулотлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони бошчилигида ҳамкорликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш, разведка ва бошқа муҳим маълумотларни тезкор алмашиш, шунингдек, иштирокчи бўлинмаларнинг реал вақт мезонлари асосида самарали ва ягона бошқарувини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилди.
«Машғулотларнинг амалий қисми ҳарбий округ ҳудудида жойлашган полигонлар ҳамда тоифаланган объектларда реал шароит ва вазиятларга имкон қадар яқинлаштирилган ҳолда ўтказилиши учун шароитлар муҳайё этилди. 50 га яқин бўлинмалар марш уюштирди, 200 квадрат километрга яқин ҳудудда ердан ва ҳаводан разведка ишлари олиб борилди. 60 га яқин шартли амалий машқлар ҳамкорликда бажарилди», — дейилади хабарда.
Ўқувларда иштирок этган Мудофаа вазирлиги тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги шахсий таркиби ҳам учта вилоятдаги ўта муҳим объект ва иншоотларнинг қўриқланиши кучайтирилган тизимда олиб борилган. Қўриқланаётган ўта муҳим объектларда шартли машғулотлар ўтказилган.
Хабарда таъкидланишича, ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулотларининг яна бир амалий жараёнлари Шарқий ҳарбий округи Фарғона дала-ўқув майдонида давом этган. Уни Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги масъул офицерлари кузатиб боришган.
Ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулотлари кеча, 13 апрель куни якунланди. Ҳарбий бўлинмалар доимий жойлашган жойига қайтарилди.
Машғулотлар якунида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан рағбатлантирилди.
Изоҳ (0)