Қува тумани Акбаробод қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Одина Жумаева уч эгизак фарзандини боқишда қийинчиликларга дуч келган эди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.
Маълум бўлишича, Одина Жумаеванинг асосий муаммоси фарзандларига сунъий сут маҳсулотларини етказиб беришдаги қийинчиликлар бўлган. Уч эгизак фарзандларнинг тиббий назорати эса 80-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Илҳом Умаралиев ҳамда патронаж ҳамшираси Маҳлиё Янгибоева томонидан мунтазам олиб борилмоқда. Дарҳақиқат, она ва бола саломатлиги давлатнинг доимий эътиборида бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар бир туғилган боланинг соғлом вояга етиши мунтазам назорат қилиб борилади.
Яқинда Қува туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Сотволдиев, бирлашма бошлиғининг ўринбосари Д.Ибрагимова ҳамда қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири И.Умаралиев Одина Жумаева хонадонига ташриф буюриб, чақалоқларнинг умумий ҳолатини яна бир бор тиббий кўрикдан ўтказган. Бундан ташқари, эгизакларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш учун вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб бориш учун йўлланма берилган.
Шунга кўра, шу йилнинг 1 апрель куни Одина Жумаева эгизак фарзандлари билан туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ажратилган тез тиббий ёрдам машинасида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб келинган. Марказда бош шифокор Ш.Қўчқоров бошчилигида педиатр, кардиолог, невролог, нефролог, кардиохирург, ортопед, реаниматолог ҳамда УТТ шифокорлари томонидан эгизаклар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган.
Текширув натижаларига кўра, эгизакларнинг каттаси Иқболжон ва кенжаси Имронжонларнинг аҳволи қониқарли. Ўртанчаси Исломжонда эса кардиологик хасталик мавжудлиги аниқланиб, керакли тиббий муолажалар ўтказилган. Айни пайтда унинг соғлиғи яхшиланиб бормоқда.
Эгизаклар айни пайтда умумий амалиёт шифокори, кардиолог ҳамда патронаж ҳамшираси томонидан доимий назоратга олинган.
Изоҳ (0)