2019 йил 29 март куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида яшовчи Ш.М ИИБга мурожаат қилиб, унда шу йил 24 март куни соат 04:00 ларда унинг бирга яшовчи турмуш ўртоғи 30 ёшли Юлдуз Абдураҳмонова 1 ёшли қизи билан биргаликда, уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолганликларини маълум қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
«Она ва болани қидириб топиш чоралари кўрилган эди. Олиб борилган қидирув-суриштирув ишлари ва фуқароларимизнинг берган маълумотлари натижасида она ва унинг қизи Тошкент шаҳарнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳудудидан соғ-саломат топилиб, уйига қайтарилган. Ўз ўрнида, бошқалар тақдирига бефарқ бўлмай, ички ишлар идораларига ушбу она ва бола ҳақида маълумот берган фуқароларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)