Эроннинг машҳур клублари ўзбекистонлик футболчилар билан музокараларни давом эттирмоқда. Persepolislion нашри хабарига кўра, Теҳроннинг “Персеполис” клуби “Пахтакор” ҳимоячиси Ҳожиакбар Алижонов билан шахсий шартнома борасида келишувга эришган.

Айни пайтда “Персеполис” ва “Пахтакор” клублари трансфер шартлари юзасидан музокара олиб бормоқда. Агар томонлар якуний келишувга эриша олса, Алижонов яқин кунларда Эрон пойтахти жамоасига йўл олади.
Бундан ташқари, “Персеполис” “Бунёдкор” ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробековга ҳам расмий таклиф билдирган. Клуб футболчини сотиб олиш учун 150 мингдан 200 минг долларгача тўлашга тайёр эди. Бироқ томонлар шахсий шартлар бўйича келишувга эриша олмаган. Ҳамробеков айни пайтда бошқа чет эл жамоалари вариантларини кўриб чиқмоқда. Шунингдек, Қаршининг “Насаф” клуби ҳам Элит Осиё Чемпионлар Лигаси олдидан Ҳамробековни ўз сафига қўшиб олишдан манфаатдор.
Шу билан бирга, Теҳроннинг бошқа клуби – “Истиқлол” ҳам ўзбекистонлик ҳужумчи билан шартнома имзолаши мумкин. Эроннинг Total Futbol нашри хабарига кўра, жамоа бош мураббийи Рикарду Сапинто икки нафар янги ҳужумчи олиб келмоқчи. Улардан бири – “Пахтакор” ҳужумчиси Игор Сергеев. 32 ёшли футболчи жорий мавсум Суперлигада доиасидаги 15 ўйинда майдонга тушиб, 11 та гол муаллифига айланган. Унинг трансфер нархи 1 миллион еврога баҳоланган.
Агар Сергеев “Истиқлол”га йўл олса, ушбу жамоа сафидаги учинчи ўзбекистонлик футболчи ҳисобланади. Бунга қадар теҳронликлар сафида Жалолиддин Машарипов тўп сураётган эди. Шунингдек, яқинда улар Қозоннинг “Рубин” клубидан Рустам Ашурматовни 450 минг евро эвазига харид қилди.
Изоҳ (0)