Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси сўзларининг муаллифи, улкан давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 78 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник Институти томонидан «Сен баҳорни соғинмадингми?» мавзусидаги бадиий-маърифий тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Тадбирда Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ханифа Орипова, қизи Зарифа Орипова, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Минхожиддин Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси масъул ходими Дониёр Бегимқуловлар иштирок этган. Ташриф буюрган меҳмонлар А.Ориповнинг ўзбек шеъриятига қўшган улкан ва беқиёс ҳиссасини эътироф этиб, шоирнинг Она Ватанга бўлган муҳаббати шунчаки муҳаббат эмас, балки оташин муҳаббат эканлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, меҳмонлар тадбир қатнашувчиларига шоир ҳаёти билан боғлиқ турли қизиқарли воқеаларни сўзлаб берган.
Ижодий кечада сўзга чиққанлар Абдулла Ориповнинг ҳозирги ўзбек адабиёти ва замонавий таржимашунослик ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритган. Абдулла Орипов асарларининг миллий руҳиятга таъсири, миллий маънавиятнинг шаклланишидаги ролини алоҳида таъкидлаган.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим Абдулла Ориповнинг ўз шеъриятида сўз ва ибораларнинг ишлатилишида ўзига хос бадиий ёндашуви, руҳ озодлиги талқини ҳақида сўзлаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси масъул ходими Дониёр Бегимқулов Абдулла Ориповнинг жонкуяр ва ғамхўр устоз сифатидаги хислатларига алоҳида тўхталган.
Бадиий-маърифий кечада буюк адибнинг ҳаёти ва ижодини эслаб институт курсантлари унинг сара асарларидан намуналар ўқиган.
Изоҳ (0)