Чекиш — инсонни ўлдиради. Тамаки тутунидаги минглаб зарарли кимёвий моддалар ўпкаларни заҳарлаб, юрак-қон томир тизимини шикастлаб, охир-оқибат инсонни оғир касалликларга маҳкум қилади. Кимдир бу одат билан йиллар давомида яшаши мумкин, аммо шуниси аниқки, чекувчиларнинг ҳар учинчиси ўлимга айнан шу одати туфайли эрта йўлиқади. Шунинг учун ҳам чекмаслик — нафақат соғлом ҳаёт, балки узоқ умр, бахтли оила ва эркин нафас олиш учун энг тўғри йўлдир.
Аммо чекиш қанчалик зарар эканини жуда яхши билса ҳам, бу зарарли одатни ташламайдиган инсонлар орамизда жуда кўп. Мақолада илм-фан чекувчиларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш йўлида қандай инновациялар жорий этаётгани ҳақида сўз юритилади.
«Агар чекмасангиз — ҳеч қачон бошламанг. Агар чекаётган бўлсангиз — ташланг. Агар ташлай олмасангиз — зарарни камайтирувчи маҳсулотларга ўтинг». Швейцариянинг Нёшател шаҳрида дунё тамаки саноатининг етакчиларидан бири — Philip Morris International (PMI)нинг анъанавий Течноватион тадбирида айнан шундай чақирув янгради. Асосий мавзу — инсонлар учун камроқ зарарли никотин маҳсулотларига ўтиш йўлидаги инновациялар.
Тадбирда “Daryo.uz” сайти мухбири ҳам иштирок этди ва ушбу соҳада юз бераётган ўзгаришлар билан танишди.
Тадбирда иштирок этган PMI нинг илмий ҳамжамият билан алоқалар бўйича вице-президенти, биометрия ва эпидемиология фанлари доктори Жизел Бейкер компаниянинг илмий ёндашуви, илмий асосланган тамакини қиздириш тизимлари орқали чекувчилар соғлиғига етказилаётган зарарларни камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Унинг таъкидлашича, PMI 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида тутунсиз технологияларни ривожлантирмоқда ва мингдан ортиқ олим ва муҳандисларни жалб қилган ҳолда, ишланмалар ва тижоратлаштиришга 14 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.
«Биз кўп йиллик илмий тадқиқотларга таянамиз. Албатта, узоқ муддатли таъсирни ўрганиш учун яна вақт керак, чунки юрак-қон томир ёки ўпка касалликлари бир кунда ёки бир йилда пайдо бўлмайди. Аммо шунга қарамай, клиник натижалар қувонарли: сигаретадан тамаки қиздириш тизимлари маҳсулотларига ўтганларнинг 9 та эҳтимолий зарар биомаркерлари анча яхшиланган. Улар ҳатто чекишни умуман ташлаганларникига яқин. АҚШнинг FDA ташкилоти (Озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари сифатини назорат қилиш бошқармаси) ҳам тамаки қиздириш тизимлари маҳсулотларга ўтиш сигарета билан боғлиқ касалликлар ва ўлим хавфини сезиларли даражада камайтиради, деган хулосага келган», — деди Байкер.
«Никотиннинг ўзи саратонга олиб келмайди»
Жизел Бейкер никотин ҳақидаги кенг тарқалган афсоналарга ҳам тўхталди:
«Ҳаммамиз яхши биламиз: одамларнинг энг катта қўрқуви — саратон. Лекин илм-фан шуни кўрсатмоқдаки, саратонни никотиннинг ўзи эмас, балки тамаки ёниш жараёнида ҳосил бўладиган минглаб зарарли кимёвий моддалар келтириб чиқаради. Никотин мияда турли жараёнларни ҳосил қилади: қон босимини кўтариши ва юрак уришини тезлаштириши мумкин. Аммо никотин таъсири тугагач, қон босими ва юрак уриши ўз ҳолига қайтади. Биз ҳеч қачон никотин хавфсиз, деб айтмаймиз, лекин у саратоннинг бевосита сабабчиси эмас».
«Аслида, никотин кўпроқ кайфиятни кўтариш, диққатни ошириш, хотирани ёрқинлаштиришга таъсир қилади. Шу сабабли кўпчилик ундан воз кечишга қийналади».
«Чекишни ҳамма ташлашини истаймиз»
«Инсон саломатлиги шунчалик муҳим бўлса, компания нима учун никотинли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда давом этяпти?» деган савол туғилиши табиий. Жизел Бейкер бу каби саволларга шундай жавоб қайтаради:
«Эпидемиолог сифатида мен учун энг яхши сценарий — бутун дунёда ҳеч ким чекишни истамайдиган ва сигаретадан воз кечадиган дунё. Аммо уларнинг инсон ҳаётига зарари ҳақидаги 70 йиллик таъкидлашларга қарамай, одамлар чекишда давом этяпти. Миллиарддан зиёд одамлар чекади. Буни улар никотиндан маълум бир руҳий-ҳиссий натижа олгани учун ҳам давом эттиришяпти».
Мутахассисларга кўра, тамаки қиздириш тизимлари маҳсулотлари одамларга никотинни зарари камайтирилган ҳолда қабул қилиш имконини беради. Масалан, Швецияда катта ёшдаги аҳолининг ҳар тўртдан бири никотин истеъмол қилишда давом этаётган бўлса-да, сигаретадан воз кечиш орқали уларнинг ўлим ва касаллик кўрсаткичлари Европа Иттифоқига нисбатан деярли икки баробар кам.
Тадбир яна бир бор тамаки қиздириш тизимлари шунчаки маҳсулот эмас, балки инсон саломатлигига зарарни камайтиришга бўлган ёндашувнинг муҳим элементи эканини намоён қилди. Илмий асосланган ёндашувлар орқали инсоният келажакда сигарета натижасида юзага келувчи касалликлар сонини анча камайтириши мумкин.
Изоҳ (0)