Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россия Федерацияси таркибидаги Саха Республикасидаги вазият юзасидан ахборот берди.
Россия ОАВларига кўра, Саха Республикасида Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларига қарши митинглар бўлиб ўтмоқда. Бунга Россия тергов қўмитаси версиясига кўра, қирғизистонлик томонидан амалга оширилган зўрлаш сабабчи бўлган.
Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида фавқулодда ишчи гуруҳ тузилган.
Бугунги кунда Саха Республикасида Ўзбекистоннинг 11 250 нафар фуқароси меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Вазирлик ходимлари Ёқутистондаги ўзбек диаспораси вакили Тошпўлат Ёдгоров билан боғланди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, ўзбекистонликларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳеч нарса хавф солмаяпти. Шунга қарамай, диаспора вакили эҳтиёткорликни йўқотмасликка ва зарурат бўлмаса, оломон тўпланган жойларга бормасликка чақирди.
Шунингдек, вазият Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи миграция агентлигининг Россиядаги вакили Саиднўмон Мансуровнинг назорати остида. Унинг айтишича, Саха Республикасидаги вазият барқарорлашган.
Ватандошлар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида вазирлик Москвадаги +7 (903) 507-76-67 ёки Тошкентдаги +998 (71) 200-06-00 рақамларига қўнғироқ қилишни сўрайди.
Изоҳ (0)