Германия биринчи марта Eurofighter Typhoon қирувчи самолётларини Польшага юборди. Бу ҳақда Польша армияси қўмондонлиги Х ижтимоий тармоғида хабар берди.

Яқин ҳафталарда жами бешта қирувчи самолёт Минск-Мазовецки шаҳридаги 23-тактик авиабазага етказилади. Улар НАТОнинг шарқий қанотида ҳаво ҳудудини ҳимоя қилади. Немис самолётлари 5 августдан бошлаб Варшава шарқидаги аэродромда жойлашади. У ерда учоқлар қарийб бир ой қолади. Уларга хизмат кўрсатиш учун Бундесвер таркибидан 150 га яқин ҳарбий хизматчи ҳам юборилади.
Bild нашри 4 август куни Польша аэродромига қўнган немис самолётлари тасвирларини эълон қилган. Германия ҳарбий-ҳаво кучлари апрель ойидан бери Польша ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишда иштирок этмоқда.
Минск-Мазовецки яқинидаги авиабаза Беларусь чегарасидан 100 км, Украина чегарасидан эса 160 км узоқликда жойлашган. Польша ҳарбий-ҳаво кучлари Россия Украинанинг ғарбий вилоятларига зарба берган пайтларда бир неча бор қирувчи самолётларини ҳавога кўтарган.
Изоҳ (0)