Ўзбекистонда бир қатор ресторанлар спорт трансляцияларини лицензиясиз эфирга узатгани аниқланиб, Адлия вазирлиги томонидан расмий огоҳлантирилди. Ушбу ҳолат Буюк Британиянинг Eurasian Broadcasting Enterprise Limited компанияси мурожаати асосида ўрганилган. Мазкур компания Setanta Sports телеканаллари муаллифлик ҳуқуқлари эгаси ҳисобланади.

Адлия вазирлиги текширувлари давомида “Bavaria Plaza”, “Guten”, “Dudek”, “Мята”, “Brasserie” вa “Woodu” ресторанларида муаллифлик ҳуқуқи эгасининг рухсатисиз спорт трансляциялари намойиш этилгани аниқланган. Барча ушбу муассасаларга муаллифлик ҳуқуқларни бузмаслик юзасидан расмий огоҳлантиришлар берилган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган контентни жамоат жойларида (ресторан, кафе, бар ва бошқалар) кўрсатиш учун ҳуқуқ эгасидан махсус рухсат ёки лицензия олиниши шарт. Акс ҳолда, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, ҳуқуқбузарлар 20 баравардан 1000 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдорида (8,24 миллион сўмдан 412 миллион сўмгача) миқдорда компенсация тўлашга мажбур бўлиши мумкин.
Адлия вазирлиги барча оммавий хизмат кўрсатиш объектлари, хусусан ресторан ва кафеларга спорт ва бошқа дастурларни эфирга узатишда муаллифлик ҳуқуқларига қатъий риоя қилишни тавсия қилди.
Изоҳ (0)