Москва туман суди Москва давлат университети аспиранти Азат Мифтаховни «Ягона Россия» партиясининг Москвадаги офисига ўт қўйганлиги учун безорилик иши бўйича 7 мартга қадар ҳибсга олди. Мифтаховнинг ўзи уй қамоғини сўраган эди, деб ёзади TJournal.
Мифтахов уюшган гуруҳ томонидан содир этилган безориликда гумонланмоқда. Гап 2018 йилнинг 30 январи тунида «Ягона Россия» офисига ўт қўйиш ҳақида бормоқда. Мифтахов ўт қўйишда иштирок этмаганлигини таъкидлаб, айбини рад этмоқда. Унинг иштирок этганлиги ягона далили — кимлиги сир тутилаётган гувоҳнинг кўрсатмаси.
Мифтахов илк бор 1 февраль куни университет ётоқхонасида қўлга олинган эди. У анархистик ташкилот билан алоқадорликда ва портловчи модда тайёрлашда гумон қилинган эди. Мифтахов қўлга олингандан кейин ИИВда қийноққа солинганлиги ва адвокат билан гаплашишига тўсқинлик қилинганидан шикоят қилган.
7 февраль куни аспирант вақтинчалик сақлаш изоляторидан қўйиб юборилган. Шу куни унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтиши керак эди. У изолятордан чиққанидан тахминан бир соат ўтиб такроран қўлга олинган.
Изоҳ (0)