Косонсой тумани Тергачи қишлоғидаги Тофтуқ ота қабристонидан кулолчилик буюмларидан иборат янги археологик топилмалар топилди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар қилди.
Топилма 17—21 январь кунлари уюштирилган илмий археологик экспедиция давомида қўлга киритилган.
Эскспедицияда Косонсой тарихи музейи илмий ходимлари Муҳаммадхон Акрамов ҳамда Ҳабибулло Қораев иштирок этган.
Шуниси эътиборлики, қайси қабрни ковлашмасин, у ердан нафис ишланган кўза, хум, коса каби сополдан ясалган буюмлар топилган. Бу маскандан шу кунгача топилган буюмлар сони 50 тадан ошади, улардан 36 донаси бизгача яхши ҳолатда етиб келган.
Косонсой тарих музейига келтирилган 20 га яқин сополдан ясалган кўзаларнинг баъзилари сарғиш ва баъзилари қизғиш рангда. Бу эса кулоллар томонидан ясалган буюмлар хумдонда пиширилгани ва баъзиларига эса ангоб бўёғида пардоз берилганини кўриш мумкин.
Бу барча сопол буюмлар турли ҳажмларда бўлиб, тайёрлаш усули ва ясалишига кўра, ўз даврининг ҳунармандчилиги ривожи, аҳолининг улардан кўпроқ уй-рўзғорда фойдаланишга мўлжалланганини кўрсатади. Бир неча кичик кўзалар нафислиги билан ҳам киши диққатини ўзига жалб этади. Уларнинг ён деворлари жуда юпқа бўлиб, 3-4 миллиметрни ташкил этади.
Изоҳ (0)