Ҳиндистон 2019 йилдаги биринчи — Kalamsat-V2 сунъий йўлдошини учирди. Ушбу йўлдош бир ҳафта ичида талабалар томонидан йиғилган ва ёғоч курсидан ҳам енгилроқ, деб хабар қилди Sputnik.
Хабар берилишича, сунъий йўлдошнинг оғирлиги 1,26 килограммни ташкил қилади. У узунлиги тахминан 10 сантиметр бўлган қирраларга эга ўзига хос куб кўринишига эга. Йўлдош яратилишига тахминан 120 минг рупий (1,7 минг доллар) сарфланган. Сунъий йўлдош билан бирга, PSLV-44 ракетаси космосга Ҳиндистоннинг 740 килограммлик Microsat-R ҳарбий йўлдоши етказди. У Ердаги объектларнинг юқори аниқликдаги фотосъёмкаси учун мўлжалланган.
Kalamsat сунъий йўлдошнинг биринчи версияси 2017 йилда Тамилнад штатидаги талабалар ва ўқувчиларнинг биргаликдаги уринишлари натижасида яратилган. Унинг оғирлиги 64 граммни ташкил қилган, бироқ у Kalamsat-V2 дан фарқли ўлароқ Ер орбитасига олиб чиқилмаган.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳиндистонлик талабалар ютуғини юқори баҳолади ва ҳамма иштирокчиларни муваффақиятли парвоз билан қутлади.
Изоҳ (0)