Тожикистонда давлат телеканалларида намойишдан аввал барча фильмлар диққат билан кўрикдан ўтказилади ва очиқ саҳнали кадрлар қирқиб ташланади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тожикистон телевидение ва радиоэшиттиришлар қўмитаси раисининг ўринбосари Маҳмадшариф Бобозоданинг айтишича, давлат телеканаллари орқали намойиш этиладиган фильмлардаги очиқ саҳналарнинг тақиқланиши ёт маданиятни тарғиб қилишнинг олдини олиш ва миллий қадриятларни ҳурмат қилишга қаратилган.
Бир йил аввал «Тожикфильм» киностудияси маҳаллий ва хориж фильмлардаги очиқ саҳналар мамлакат ҳудудларидаги экранларда намойиш қилиниши ва маҳаллий телеканалларда кўрсатилишидан аввал қирқиб ташланишини таклиф қилган эди.
Киностудиядаги манбанинг айтишича, ҳукумат томонидан қабул қилинган «Тожикфильм»нинг янги низомига кинокартиналарда ахлоқни муҳофаза қилиш тўғрисида махсус банд киритилган. Унга кўра, эндиликда «Тожикфильм» киностудияси нафақат кинокартиналар яратади, балки мамлакатда ва хорижда ишлаб чиқарилган фильмлардаги очиқ саҳналарни қирқиб ташлаш билан ҳам шуғулланади.
«Уятли саҳналарнинг намойиш этилиши бизнинг маданиятимизга мос келмайди. Тасаввур қилинг, оила даврасида фильм томоша қилаяпсиз, кутилмаганда ишқий саҳналар пайдо бўлиб қолади. Қиз ота олдида хижолат бўлади, ота эса қиз олдида ноқулай аҳволга тушиб қолади», дейди Маҳмадшариф Бобозода.
Изоҳ (0)