2019 йил 14 январь куни Покистон олий ҳарбий қўмондонлиги ташаббуси билан мамлакат Қуролли Кучлари Бирлашган штабида икки томонлама муносабатлар амалиёти ва тарихида илк бор Ўзбекистон давлат байрами — Ватан ҳимоячилари куни тантанали равишда нишонланди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбир юқори даражада ташкил этилди. Ўзбекистон Қуролли кучлари ва Покистондаги элчихона делегацияси шарафига ҳарбий оркестр ва фахрий қоровул саф тортди.
Покистон томони ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича ўзаро муносабатларнинг ривожланиши, шунингдек, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг замонавий тайёргарлиги бўйича батафсил видеоролик тақдим этди.
Тадбир доирасида Покистон Қуролли Кучларининг қўшма штаби томонидан штаб шахсий таркиби иштирокида расмий қабул маросими ўтказилди.
Суҳбат чоғида икки қардош халқлар ўртасида ҳарбий ҳамкорликни янада мустаҳкамланиши учун бугунги кунда янги имкониятлар очилаётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон элчихонаси давлат байрами — Ватан ҳимоячилари кунига ҳурмат кўрсатилганлиги учун Қуролли Кучлар қўшма штаби раҳбариятига миннатдорлик изҳор этди. Тадбир Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилганлигининг ёрқин рамзи бўлди ва томонларнинг дўстлик асосида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Изоҳ (0)