«Ёшлар пресс клуби»нинг ёш олимлар фаолиятидаги муаммолар таҳлилига бағишланган навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.
Мазкур мулоқотда ёш олимлар фаолиятидаги муаммоларни бартараф этиш, мустақил изланувчиларнинг илмий-назарий ҳамда илмий-амалий тадқиқотлари натижадорлигини ошириш, ёшларнинг илм-фан ютуқларига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини жорий этишга эътибор қаратилди.
—Амалиётда ишлаб чиқариш субъектидаги муаммоларни улардан келиб чиққан ҳолда кадр тайёрлаш, мана шу назариянинг бозорга хизмат қилиш механизмини қайта кўриб чиқиш масаласи устида иш олиб бориляпти. Шунингдек, олий таълим муассасаларининг ўқув ва моддий-техник базаси ўрганиб чиқилди. «3+1» лойиҳаси, яъни 3 йил назарий, 1 йил амалий таълим тизимига ўтиш йўли ва амалиёт соатларини кўпайтириш каби бир неча таклифлар берилди, — таъкидлади «Республика ёш олимлар Кенгаши» ННТ директори Камолиддин Мирзаахмедов.
Тадбир давомида ёш олимлар билан ишлашда инновацион кластерга ўтиш кераклиги таъкидланди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан инновацион грантлар ажратилиши билан боғлиқ камчиликлар мавжудлиги айтиб ўтилди.
— Таълим муассасалари учун давоматни мониторинг қилувчи электрон тизим, электрон кутубхона, почта хизматининг автоматлаштирилган тизими, ноёб китобларни ўзбек, уйғур ва рус тилларига таржима қилувчи мобиль иловалар яратувчиларига муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномасининг топширилиши ёш олимларни қўллаб-қувватлашнинг яққол намунасидир. 26 апрель — Халқаро интеллектуал мулк кунида ҳам бир қатор ёш олимлар учун махсус гувоҳномаларни тақдим этишни режалаштирганмиз, — дейди Интеллектуал мулк агентлиги мутахассиси Шерзод Абдунабиев.
Изоҳ (0)