АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси президент Дональд Трампнинг Россия президенти Владимир Путин билан учрашувлари юзасидан эшитувлар ўтказиш ниятини маълум қилди. Қўмитанинг расмий сайтида тегишли баёнот эълон қилинган, дея хабар беради «ТАСС».
«Трамп ҳар гал Путин билан учрашганда мамлакатга бунинг тафсилотлари ҳақида ҳеч нарса ошкор этилмайди. Қўшма Штатлар аҳолиси ҳақиқатни билишга лойиқ ва ташқи ишлар бўйича қўмита бунга ойдинлик киритишга бел боғлаган. Биз Трампнинг Путин ва сафдошлари билан ўзаро муносабатлари кўриб чиқиладиган эшитувлар ташкиллаймиз ҳамда уларда бу яқин алоқалар миллий хавфсизлигимизга нечоғли таъсир қилишини ўрганамиз», — дейди қўмита раиси Элиот Энгель.
The Washington Post нашри олдинроқ Трамп маъмурияти аъзоларидан Гамбургда 2017 йил ёзида ўтказилган Путин билан илк музокаралар тафсилотини яширгани, унда иштирок этган таржимоннинг қораламаларини йиғиштириб олиб, бу ҳақда ҳеч кимга чурқ этмасликни буюрганини билдирганди.
Изоҳ (0)