Самарқанд шаҳрининг тўртта кўча ва чорраҳасига 15 январдан онлайн ишловчи автоматлаштирилган фото ва видео камералар ишга туширилади. Бу ҳақида «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Registon кўчасида жойлашган «Registon майдони мажмуаси» қаршисидаги пиёдалар ўтиш жойига, Мирзо Улуғбек—Бўстонсарой, Мирзо Улуғбек—Шохрух ва Мир Саид Барака—Мирзо Улуғбек кўчалари кесишган чорраҳаларга махсус автоматлаштирилган фото ва видеокузатув воситалари ўрнатилди.
Камералар орқали йўл ҳаракати қоидалари, яъни транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш, светофор ишорасига бўйсунмаслик, йўл чизиғи ва белгиларига амал қилмаслик каби қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар аниқланиб, уларга нисбатан доимий чоралар қўлланилиши жорий этилади.
Шу билан бирга вилоят кўчаларида онлайн тизимида ишлаётган тўртта «Арена» русумли тезликни ўлчаш ускуналари мавжуд ва улар ёрдамида бугунгача 39 мингга яқин қоидабузарликлар аниқланган.
Самарқанд шаҳрида 2019 йилда барча чорраҳаларга махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилиши режалаштирилган ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)