Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Тошкент шаҳрида пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар мамлакатда ушбу тузилма томонидан амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурлар ижроси билан танишди, деб ёзади ЎзА.
Сўнгги йилларда Агентлик ташаббуси билан мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда. «Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва назорати», «Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш» (JDS), «Кичик грантлар дастури», «Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш» лойиҳалари шулар жумласидан.
Тиббиёт тизимидаги шериклик ҳам JICAнинг Ўзбекистондаги фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Тадбир иштирокчилари пойтахтдаги Республика Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида бўлиб, бу борадаги ҳамкорлик самаралари ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлди.
Марказда JICA томонидан тақдим этилган грант ҳисобига 59 турдаги ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари харид қилинган.
«Бугунги кунда замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган марказда касалликни эрта аниқлаш ва даволаш ишлари бепул амалга оширилмоқда, — дейди миллий марказ даволаш ишлари бўйича бош шифокор ўринбосари Зайниддин Бекмуродов. — Ушбу аппаратлар ногиронлиги бор беморларга аниқ ташхис қўйиш баробарида бериладиган тавсияларни асослаш ва нуқсонларни бартараф этиш имконини бермоқда».
Журналистлар пойтахтдаги 2-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ҳам бўлиб, сузиш спорти бўйича япониялик кўнгилли мураббий фаолияти билан яқиндан танишди.
Изоҳ (0)