5 ноябрнинг Камерундаги Баменда шаҳри яқинидаги қишлоқда жойлашган мактабнинг 79 нафар ўқувчиси, шунингдек мактаб директори, ўқитувчиси ва ҳайдовчиси ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Қуролланган шахслар мактаб-интернат ётоқхонасидан ўқувчиларни чиқариб, уларнинг бир қисмини номаълум манзилга олиб кетган. Жиноятчилар чангалидан қутилиб қолган ўқувчилардан бирининг сўзлаб беришича, айрим ўқувчиларни калтаклашган.
Баменда — Камерундаги маъмурий бирлик бўлиб, бу ерда инглиз тилида сўзлашувчи аҳоли истиқомат қилади.
Инглиз тилида сўзлашувчи туманларда қуролланган сепаратив гуруҳлар фаолият юритади. Камерун ҳукумати болаларни айнан сепаратив гуруҳлар ўғирлаганини айтмоқда. Ижтимоий тармоқларда ўзларини сепаратив гуруҳлардан бирининг аъзолари эканлигини айтаётган кишилар болаларни ўз исмлари ва ота-оналарининг исмларини айтишга мажбурлаётгани акс эттирилган видео тарқалди. Унда болалар ўзларининг ўғирлаб кетилганини, бироқ ҳозирда қаерда эканлигини билмаслигини айтган. Ўғирланган айрим болаларнинг ота-оналари видеода фарзандлари акс этганини тасдиқлаган.
Изоҳ (0)