Россия Либерал-демократик партияси раҳбари Владимир Жириновский 1 ноябрь куни Тожикистонга сафари чоғида собиқ Иттифоқ республикалари Россияга ихтиёрий қўшилиши тарафдори эканлигини билдирди. Бу ҳақда «Turon 24» маълум қилди.
Жириновский 2010 йилда «Россия таркибида Ўрта Осиё федерал округи»ни тузишни таклиф қилган эди. Ушбу фикрига Душанбеда изоҳ берар экан, «Европа Иттифоқига ўхшаш бирлашув тарафдориман. Бугунги кунда фақат 300 миллиондан ортиқ нуфузга эга давлатларгина яшаб қола олишига ишонаман», — деган Жириновский.
ОАВ Владимир Жириновский 2—3 ноябрда Ўзбекистонга ҳам ташриф буюради деб хабар тарқатган. Хабарларда айтилишича, Жириновский бошчилигидаги ЛДПР вакиллари Тошкент ва Бухорони зиёрат қилади. Бу унинг Ўзбекистонга илк келиши бўлади.
Владимир Жириновский Россия ва Марказий Осиёда миллатчилик, хусусан, Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳақидаги эпатаж чиқишлари билан машҳур сиёсатчи ҳисобланади. Жириновский Руминия, Болгария, Германия ва Қозоғистонни ҳақоратловчи баёнотларидан кейин ушбу давлатларда «исталмаган шахс» деб эълон қилинган ва уларга кириши тақиқланган.
Изоҳ (0)