Сурхондарё вилояти ҳокимлигида Термиз шаҳрини ободонлаштириш, унинг архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш, аҳоли ва меҳмонлар учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Termiz City мажмуасини бунёд этиш лойиҳа таклифи муҳокама этилди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Германиянинг «Кема» компанияси вакиллари билан ўтказилган учрашувда Термиз шаҳридаги Arch Design Service МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа таклифига кўра, Termiz City замонавий комплексини шаҳарнинг 3 — Ислом Каримов ҳамда янги қурилаётган Лойиҳавий 7-7 кўчалари кесишувидаги 11 гектар, Алишер Навоий номли кўча ёқасида барпо этилаётган «Яшил дунё» савдо комплекси ёнидаги 25 гектар, Беруний ва Истиқлол кўчалари туташган бўш ер майдонидаги 4,2 гектар ҳудудида қуриш режалаштирилгани айтилди.
Мажмуада бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхона ва офислар, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл-у фавворалар, ер ости автотураргоҳлари, ижтимоий ва бошқа объектларни бунёд этиш кўзда тутилгани, бу ишлар учун бош пудратчи — Германиянинг «Кема» компанияси 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиши, шунингдек, Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатларнинг етакчи лойиҳа институтлари, чет эллик инвесторлар жалб этилиши таъкидланди.
Икки йилга мўлжалланган ушбу лойиҳа таклифини ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолангандан сўнг амалга оширишга келишиб олинди.
Изоҳ (0)