Тошкент ҳарбий прокуратураси Тошкент вилояти Бандлик бошқармаси Ангрен шаҳар бўлими билан ҳамкорликда Ангрен шаҳридаги Мудофаа вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва бўлинмаларда «Меҳнат ярмаркаси» ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ярмаркада 14 та корхона ва ташкилотлар ўзларининг 69 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Ушбу ярмаркада 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари иштирок этиб, уларнинг 5 нафарига ишга жойлашишлари учун махсус йўлланмалар берилди.
Шунингдек, бўш иш ўринлари ярмаркасида иштирок этган бошқа ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун корхона ва ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ташкил этилиб, мавжуд бўлган бўш иш ўринлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, шу куннинг ўзида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқлари, эркинликлар ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан сайёр қабул ўтказилди.
Мазкур тадбир давомида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига 100 дан ортиқ бадиий адабиётлар намунлари совға қилинди.
Изоҳ (0)