Тошкент шаҳрида 17 октябрь куни Ўзбекистон—Жанубий Корея кооперация биржаси ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Унда томонлар агротехнология, замонавий ускуналар, ахборот технологиялари, муқобил энергия, енгил саноат каби йўналишларда қўшма бизнес лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борди.
Корея Республикасининг Кёнгидо провинцияси технопарки бош директори Гангсун Чойнинг маълум қилишича, ушбу мамлакатда 18 ҳудудий технопарк фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар кўмагида ишбилармонлар ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширмоқда, шунингдек, соҳалар бўйича инновацион таклифлар, ишланмалар амалиётга жорий этилаётир. Ўзбекистон — Корея кооперация биржасида Жанубий Кореядан 5 та технопарк 10 дан зиёд компаниялари билан иштирок этди. Ушбу компаниялар янги хизматлар, маҳсулотлар, инновацион технологиялар бўйича ўз тақдимотларини ўтказди.
Тадбир доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида B2B форматдаги учрашувлар ташкил этилди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 9 ойида мамлакатлар ўртасида савдо айланмаси 34 фоизга ошиб, 1,28 миллиард долларни ташкил этди.
Изоҳ (0)