Қашқадарё вилоятида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик ҳисобда турувчи ёшларни тўғри йўлга солиш, уларни спорт ва касб-ҳунарга жалб этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан ички ишлар бўлимларида профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирокида мунтазам профилактик учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Жорий йил 15—24 август кунлари «Шўртаннефтгаз» масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги Яккабоғ туманида жойлашган «Шўртан қалдирғочи» оромгоҳида ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганлар учун тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилди.
Оромгоҳда болаларнинг мазмунли дам олиши учун маданий, маънавий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ҳамда ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган тадбирлар, амалий машғулотлар, ўқув семинарлари, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди.
Ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турувчи 122 нафар вояга етмаган бола турли тадбир, танлов ва лойиҳаларда фаол қатнашди. Жиноятчилик кўчасига адашиб кириб қолганини англаб етган болаларнинг 70 нафарига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан ижобий тавсияномалар берилиб, муддатидан олдин ҳисобдан чиқариладиган бўлди.
Изоҳ (0)