Миср пойтахти Қоҳирага хизмат сафарини амалга ошираётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳайъати 26 август куни Қоҳира ислом санъати музейида бўлди. Музейнинг бош директори доктор Мамдуҳ Усмон билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Томонлар ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолаш ва унга кўра маълумот, тажриба алмашиш, ходимларнинг ўзаро малакаларини ошириш ҳамда Қоҳира ислом санъати музейи ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ўртасида экспозициялар алмашиб туришга келишиб олди.
Шу куни Ўзбекистон делегацияси Искандария кутубхонаси бош директори доктор Мустафо Эл Феки билан ҳам учрашди. Суҳбат давомида доктор Эл Феки Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайрли ишлардан хабардор эканини, мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аждодлар меросини сақлаш ва ўрганиш бўйича амалга ошираётган ишларни кузатиб турганини мамнуният билан қайд қилди.
«Алоқаларимиз тарихи мамлуклар ва ҳатто улардан олдинги замонларга тақалади, — деди кутубхона директори. Албатта биз ҳамкорлик қилишимиз, оталар анъаналарини давом эттиришимиз керак. Биз Ўзбекистон томонининг кутубхонамиздаги машҳур кишилар тимсоллари қаторида кўриш учун Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкалчасини тортиқ қилиш ниятидан хабардор бўлдик. Ушбу улуғ олим мамлакатларимиз ва халқларимиз, тарихимиз ва маданиятларимиз ўртасида мисоли бир кўприкдир. Албатта бундай ҳадяни мамнуният билан, шараф деб билиб қабул қиламиз».
Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Искандария кутубхонаси ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ҳамкорлик битими имзолашга келишиб олинди. Учрашув самимий ва дўстона муҳитда ўтди.
Изоҳ (0)