Наманган вилоятининг Уйчи туманида ёшлар спорт байрами бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
«Пахтакор» ўйингоҳидаги тадбирни туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ҳамда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев табрик сўзи билан бошлаб берди. Туман санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Мусобақалар спортнинг 5 тури — енгил атлетика, стол тенниси, футбол, волейбол ва баскетбол бўйича ўтказилди. Уларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 1000 га яқин ёш иштирок этди.
Ташкилотчиларга кўра, асосий мақсад юқори натижалар эмас, балки маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёшлар вақтини самарали ва кўнгилли ўтказишини таъминлашдан иборат бўлди.
Спорт байрамида мезбонларнинг қўли баланд келди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Янгиқўрғон ҳамда Косонсой жамоаларига насиб этди.
Ғолибларга туман ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан совға ва дипломлар топширилди.
Изоҳ (0)