Ўзбекистон Президентининг 19 июндаги «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 1 июль кунидан бошлаб тажриба тариқасида «Хавфсиз пойтахт» концепцияси жорий этилган эди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳрида ҳам мазкур қарор талаблари асосида уч сменали хизмат ташкил қилинмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
«Самарқанд — туризм шаҳри. Осори атиқалар, бетакрор архитектура намуналари мужассам бўлган бу муаззам масканга ташриф буюрадиган туристлар сони кун сайин тобора ортиб бормоқда. Шундай экан биз ўзлигимизни, бетакрор маданиятимизни, урф-одат ва анъаналаримизни бутун дунёга танитиш мақсадида меҳмонлар учун барча шароитларни яратиб беришимиз лозим», — дейди вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари Ширин Норматова. — «Шу муносабат билан, Самарқанд вилоятида ҳам мазкур қарорга мувофиқ, Ички ишлар органлари, Миллий гвардия, ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида «Хавфсиз шаҳар» концепцияси асосида уч сменали хизмат ташкил этилмоқда».
Вилоят ҳокимлиги, миллий гвардия, прокуратура ва ички ишлар органлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилишда ана шу масалаларга бағишланган таклифлар берилди ва тегишли тавсиялар ўртага ташланди.
Изоҳ (0)