Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари «АрМИ—2018» Халқаро ҳарбий ўйинлари мусобақаси доирасида 12 йўналиш бўйича қатнашиб келмоқда. Куни кеча Тива Республикасининг Кизил шаҳрида бўлиб ўтган «Ҳарбий ралли» мусобақаси якунига етди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Халқаро армия ўйинлари доирасидаги беллашувларнинг ушбу йўналишида ўзбекистонлик ҳарбийлар ҳам муносиб иштирок этиб, турли мамлакатлардан келган ҳарбийлар билан 4 та — «Якка тартибдаги пойга», «Таъқиб билан пойга», «Отиш тайёргарлиги» ва «Гуруҳ ёрдамида пойга» тури бўйича куч синашди. Мазкур мусобақада жонбозлик кўрсатган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар якуний натижаларга кўра 3-ўринга муносиб деб топилди. Шоҳсупани Россия ҳарбийлари эгаллади. Иккинчи ўринни хитойлик ҳарбийлар забт этди.
Шунингдек, Москва вилоятининг Нагинск шаҳрида ҳарбий автомобиль назорати ходимлари ўртасида ўтказилган «Йўл патрули» беллашуви ҳам ниҳоясига етди. Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ушбу мусобақада ҳам 3-ўринни қўлга киритди. 1-ўринни Россия ва 2-ўринни Хитой вакиллари эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, «АрМИ—2018» Халқаро ҳарбий ўйинларида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар билан бирга 30 дан ортиқ давлат вакиллари жами 27 йўналишда иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)