Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги Шаббоз бозорида ўғриликда гумонланган шахсни қўлларини арқон билан боғлаб, бозорнинг кириш дарвозаси устунига осиб қўйган фуқаро У.А. билан бирга Х.С., Х.Ғ. ва М.Ш. ҳам бўлганлиги аниқланиб, ушланди. Бу ҳақда ИИВ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
Суриштирув жараёнида У.А., Х.С. ва М.Ш. жиноий ҳаракатларини содир этишга вояга етмаган шахсни ҳам жалб қилганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127-моддаси («Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш»), 138-моддаси («Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш»), 277-моддаси («Безорилик») ва 229-моддаси («Ўзбошимчалик») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тергов тафсилотлари ҳақида қўшимча хабар берилади.
Изоҳ (0)