Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида 4 августга ўтар кечаси иккита ёнғин қайд этилди. Бу ҳақда шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар беришларича, 3 август куни соат 23:16 да Мирзо Улуғбек тумани Зиёлилар кўчасида жойлашган, Крантас Group компаниясига тегишли йиғиш цехида ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар тушган.
Ёнғин 00:28 га келиб тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида цехнинг ички ва том қисмлари ёниб зарарланган, деб ёзади ИИВ. Қурбонлар ва жароҳат олганлар йўқ. Дастлабки тахминга кўра, ёнғин электр ускуналари носозлигидан келиб чиққан.
Шу куни 23:28 да Мирзо Улуғбек тумани Муҳаммад Юсуф кўчасидаги тўрт қаватли бинонинг учинчи қаватида ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар тушган. Зудлик билан воқеа жойига ўт ўчирувчилар етиб борган.
Ёнғин 23:50 га келиб тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жароҳат олганлар йўқ. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)