Ўзбекистонда 1 августдан барча ҳудудлар учун 1 килограмм суюлтирилган газ нархи 800 сўм этиб белгиланди. Белгиланган қийматдан юқори нархда газ сотиш ҳолати кузатилса, кимга мурожаат қилиш керак?
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Одил Темировнинг изоҳ беришича, жамиятнинг мамлакат бўйлаб газ таъминоти бўйича ҳудудий бўлинмалари мавжуд, уларнинг ҳар бирида ишонч телефони ишлаб турибди. Истеъмолчилар тизимда қонунбузарликни пайқаса, мурожаат қилиши мумкин. Ҳар бир мурожаат кўриб чиқилади ва чора кўрилади.
Темировга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги қарорига мувофиқ, суюлтирилган газ билан ишлайдиган янги газ қуйиш шохобчаларини очишга лицензия бериш тўхтатилди. Истиқболда суюлтирилган газни автомобиль газ қуйиш шохобчаларига етказиб бериш ҳам тўхтатилади, дея тахмин қилиш мумкин. Шу боис автомобиль эгалари бошқа турдаги ёқилғидан фойдаланишга ўтмоқда.
Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари газ баллонларини етказиб бериш масаласига ҳам ойдинлик киритиб ўтди. Газ баллонларини ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш «Ўзнефтгазмаш» АЖ таркибига кирувчи Чирчиқ, Бухоро ва Қўқондаги заводларда амалга оширилади. Ўтган йили аҳолига 750 минг донадан ортиқ янги суюлтирилган газ баллони етказиб берилган, бу йилги режа эса 634 минг дона.
Изоҳ (0)