12 июль куни соат 14:50да Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Ойбек кўчасида жойлашган 9-қаватли уйнинг 1-қаватидаги гўзаллик салонида ёнғин юз бергани ҳақида хабар олинди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Икки ўт ўчириш машинаси воқеа жойига қисқа фурсатда етиб борди. Маълум бўлишича, ёнғин Bell clio салонининг соябонида келиб чиққан. Тезкор ҳаракатлар натижасида соат 15:08 да аланга жиловланиб, соат 15:09 да бутунлай бартараф этилди.
Аланга оқибатида уйнинг 2-7 қаватларидаги дераза ромлари зарар кўрди. Ўт ўчирувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғиннинг авж олиб кетиш хавфи олди олинди.
Қурбонлар ва жароҳат олганлар йўқ. Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 12 июль куни деярли шу пайтда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган Cristal супермаркетида ҳам ёнғин содир бўлганди.
Изоҳ (0)