Жиззах вилояти Пахтакор туманида Мажбурий ижро бюроси ходимларини дўппослаган йигит ва унинг шериклари қўлга олинди. Бу ҳақда Пахтакор тумани жиноят ишлари бўйича суди матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
С.Н. икки нафар синфдоши билан биргаликда 10 июнь куни спиртли ичимлик истеъмол қилган. Йигитлар соат 18:30 ларда Мажбурий ижро бюросининг 2 нафар ходимини учратиб қолган. С.Н. ижрочиларни тўхтатиб, уларнинг қаерда ишлашини сўраган. Улардан бири ўзининг давлат ижрочиси лавозимида ишлашини айтганидан кейин, С.Н. уларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилишни бошлаган. С.Н. давлат ижрочиларидан бирига ташланиб, шериклари уни ушлаб турган вақтда юзига шапалоқ ва кўкрак қисмига мушт билан урган. С.Н. иккинчи ижрочининг ҳам юзига мушт билан уриб жароҳат етказган. Йигитларни тўхтатиб қолишга уринган киши ҳам жароҳат олган. С.Н. унинг чап елка ва қорин сохасига мушт билан урган.
С.Н. Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир қилганликда айбланган. 11 июнь, душанба куни Пахтакор тумани жиноят ишлари бўйича судининг ёпиқ мажлисида С.Н. қамоққа олинган.
Изоҳ (0)