14 июнь куни ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида TUIT mobile уяли алоқа оператори ишга туширилди.
Эндиликда университет талабалари Beeline билан ҳамкорликда ишга туширилган янги мобил алоқа лабораториясида уяли алоқа операторлари ускуналари билан ишлашни ўрганиш имкониятига эга бўлади.
3G ва 4G тармоқларида махсус ўрнатиладиган таянч станциялар ёрдамида талабалар ТАТУнинг асосий биноси ҳудудида реал вақт тизимида мобил алоқа фаолиятини таъминлай олади.
TUIT mobile лабораториясининг тантанали очилиш маросимида Beeline’нинг Тошкент ҳудудий филиали мутахассислари ТАТУ талабалари билан биргаликда синов алоқани амалга оширди ҳамда таянч станцияларни ишга туширди.
«Университет учун бу нафақат корпоратив лабораториянинг ташкил қилиниши, балки келажак мутахассислар учун «очиқ майдон» билан бир хил шароит яратиб берадиган мисли кўрилмаган ҳолатдир. Университетнинг назарий асослари илғор ишлаб чиқариш амалиётидан орқада деган фикр бор, бироқ TUIТ Mobile талабаларга бугунги кунда энг етакчи уяли алоқа операторлари томонидан ишлатиладиган асбоб-ускуналар билан ишлаш имконини беради.
Яъни эртага уяли алоқа компаниясида ишлаш учун келган ТАТУ битирувчилари қўшимча малака ошириш курсларисиз ўзларига таниш бўлган дастурий комплекслар билан ишлай олади», — дейди ТАТУ ректори Тўлқин Тешабоев.
Изоҳ (0)