Андижон олимпия захиралари коллежида «Касб-ҳунар ва тадбиркорлик билан келажак сари» шиори остида касблар фестивали ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда иш берувчи корхона-ташкилот ва муассасалар, банк вакиллари, ота-оналар ҳамда вилоятдаги 117 та касб-ҳунар коллежининг 3500 нафардан ортиқ битирувчиси иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19—20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ҳамда жорий йил 7 июнда қабул қилинган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг келгуси фаолиятини тадбиркорликка йўналтириш мақсадида ташкил этилган касблар фестивалида ёшларнинг пухта билим олиши ва ўзлари танлаган касб-ҳунарни эгаллаши, иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариши учун барча шароитлар яратилгани таъкидланди.
Коллеж битирувчилари томонидан ўзлари эгаллаган 100 дан ортиқ ихтисослик ва касблар бўйича кўргазмалар ташкил этилди. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан яратилган инновацион қурилмалар, ҳаракатли макетлар ва техника ижодкорлиги маҳсулотлари, энг яхши бизнес-режалар, пайванд-конструкциялар, дурадгорлик ва пол ётқизиш, қурилиш ва пардозлаш ишлари, кулолчилик ҳамда ҳайкалтарошлик йўналишларидаги ижодий ишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Изоҳ (0)