Молдова полицияси, Ахборот хавфсизлиги тизими ва Электрон алоқаларни тартибга солиш агентлиги TikTok’даги 443 та каналнинг фаолиятини тўхтатишни талаб қилди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органлари маълум қилган.

Полиция маълумотларига кўра, мазкур каналлар ёлғон ахборот тарқатиб, миллий хавфсизлик ва ижтимоий барқарорликка таҳдид солган.
Таъкидланишича, ўнлаб каналлар Молдованинг ҳарбий можарога тортилиши ва аскарларнинг тахминий йўқотишлари ҳақида маълумот тарқатган, бошқалари эса келгуси сайловларда сохталаштиришлар бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган. Каналларнинг бир қисми алоҳида жамоат арбобларига, ҳокимиятдаги партияга ва давлат муассасаларига қарши ташвиқот олиб борган.
“Ҳукумат аҳолини интернетдаги маълумотларни текшириш ва уларни фақат расмий ҳамда ишончли манбалардан олиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Нотўғри ахборот миллий барқарорлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда, шу боис унга қарши курашиш давлат идораларининг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Миллий полиция, ANRCETI ва SIS манипулятив кампаниялар таъсирини чеклаш ва фуқароларни ёлғон маълумот тарқатишнинг салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини кучайтиришни давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.
Ушбу каналлар 1,2 миллиондан ортиқ обуначига эга бўлиб, уларнинг видео лавҳалари 4,5 миллиондан ортиқ марта кўрилган.
АҚШда 19 январдан TikTok’ни тақиқлаш кўзда тутилган қонун кучга кирганди.
Изоҳ (0)